01.10.2024
Ғозғон шаҳар ҳокими Нурали Жўраев “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан соҳа ходимларига
БАЙРАМ ТАБРИГИ
Азиз ва муҳтарам устозлар,Қадрли ва жонкуяр мураббийлар!
Аввало, барчамизга илм ўргатган, саводимизни чиқарган, ҳаёт сабоғини берган, бутун умрини, қалб қўрини ёш авлод тарбиясидек масъулиятли ишга бағишлаган Сиз азиз ва фидойи устоз ва мураббийларни бугунги касб байрамингиз - Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман.
Қадрли устозлар!
Дунёда касблар кўп. Аммо улар ичида энг улуғи ўқитувчиликдир. Зеро, ҳар бир одам, ҳар бир касб эгаси муаллим сабоғи билан ўз йўлини топади. Доно халқимиз ўқитувчи-педагогларни бежизга қадрлаб, кўкларга кўтармади. Том маънода устоз ва мураббийлар ҳаётимиз чароғбонлари, йўлимизни ёритувчи нур, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бугун ҳам шу азалий қадриятнинг узвий давоми сифатида ҳурматли Президентимиз раҳнамоликларида устоз ва мураббийларга чексиз ҳурмат ҳамда эҳтиром кўрсатилиб келинмоқда. Ҳар йили 1 октябрь санасининг умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши ҳам бунинг яққол намунасидир.
Зеро, улуғ бобокалонимиз ҳазрат Алишер Навоий таъкидлаганларидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам Сизнинг олийжаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди.
Мамлакатимиз тараққиётининг янги даврига қадам қўйган ҳозирги кунда, ривожланган давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаш аввало, илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан боғлиқ.
Бунда Сиз азиз ўқитувчи ва мураббийларнинг билим ва тажрибангиз, истеъдод ва маҳоратингизга ҳамиша суянамиз. Ҳурматли Юртбошимизнинг “Сифатли билим, таълим ва тарбия Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдевори”, деган сўзлари бугун нақадар долзарб эканлигини даврнинг ўзи исботлаб турибди.
Қадрли соҳа фидойилари!
Барчамизга маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасида мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришилди. Айниқса, ўқитувчининг шаъни, қадр-қиммати давлат ҳимоясига олингани ва бу янги Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилгани, ўқитувчи-педагоглар учун катта тарихий янгилик бўлди, десак асло муболаға бўлмайди.
Аслида ҳам Сизнинг мажбурий меҳнат ва ортиқча ишлардан озод этилганингиз, фақат фарзандларимизга таълим-тарбия бериш билан шуғулланиб келаётганингиз учун ҳам бугун соҳада улкан ютуқлар, ижобий натижалар салмоғи кенгайиб бормоқда.
Шу ўринда мамлакатимизнинг иқтисодий ҳаётида ўз ўрнига эга бўлган Ғозғон шаҳрида ҳам таълим-тарбия йўналишида кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганлиги қувонарлидир.
Азиз устозлар!
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, сўнгги йилларда мактабгача таълим ташкилотлари 3 тадан 9 тага, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 64 фоиздан 115 фоизга ошишига эришилди. Бу натижалар мактабгача таълим соҳасида фаолият юритаётган барча педагог ходимларнинг фидокорона меҳнатлари самарасидир, албатта.
Худди шунингдек, умумтаълим мактабларимиз сони 1 тага кўпайиши натижасида 1549 нафар ўқувчиларнинг таълим олишига эришилди. Энг қувонарлиси, 2022-2023 ўқув йилида умумтаълим мактабларини 87 нафар битирувчиларининг 39 нафари, яъни 44,8 фоизи олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилиниб, бу кўрсаткич ўтган ўқув йилига нисбатан 5,1 фоизга ошди.
Бу ютуқлар албатта, Сиз азиз соҳа фидойиларининг фидокорона меҳнатларингиз эвазига қўлга киритилганлигини барчамиз яхши биламиз.
Фурсатдан фойдаланиб барчангизга ўзимизнинг чексиз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар!
Шуни таькидлаш жоизки шаҳримиздаги умумтаълим мактабларидаги 11 нафар чет тили фани ўқитувчиларимизнинг барчаси халқаро сертификатларга эга бўлиб, бу кўрсаткич 30 фоиздан 100 фоизга оширилди.
Алоҳида эътироф этиш керакки, яратилаётган имконият ва имтиёзлар самарасида педагогларимиз ва улар сабоқ бераётган ўқувчиларимизнинг ютуқлари ҳам йил сайин юксалиб бормоқда.
Ҳурматли Президентимизнинг: “Мен сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини дунёдаги энг улуғ ва олижаноб ишга – янги авлод тарбиясига бағишлаган, ўз касбига содиқ ва фидойи инсонларни кўраман”, деган пурмаъно сўзлари Сиз азиз устозларга бўлган юксак эҳтиром намунаси десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.
Қадрли устоз ва мураббийлар,
Сизларни яна бир бор касб байрамингиз - 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Ёш авлод тарбияси йўлидаги эзгу ва хайрли ишларингизга омад ва зафарлар ёр бўлсин!
Бахтимизга доимо соғ-омон бўлинг!
Байрамларингиз муборак бўлсин